Хитойликлар Қуёш батареясига ишловчи тўрт авторусумни тақдим қилди

Хитойликлар Қуёш батареясига ишловчи тўрт авторусумни тақдим қилди

Осмон ости давлатининг Hanergy Holding Group концерни Пекиндаги махсус кўргазмада Қуёшдан қувват оладиган автомобилларни кўрсатди.

Автомобилларнинг томи, капоти ва эшикларига қуёш панеллари ўрнатилган. Тўпланган энергия литий-ионли аккумуляторларга йўналтирилади, аккумулятор ўз навбатида электромоторга қувват узатади. Қуёш заряди ёрдамида электромобиль 80 кмгача йўл босади. Қуёшдан тўла заряд олиши учун олти соатгача вақт лозим бўлади. Бундан ташқари, ташқи манбадан зарядлаш ҳам мумкин, шунда йўл захираси 350 кмга етади.

Тўпланган энергия ғоят ўзига хос тарзда машинага тақсимланади. Машина томидан йиғилган энергия орқа электромоторни, капотидан йиғилган қувват олд электромоторни, эшиклар энергияси эса бошқарув тизимини қувватлантиради.

Тақдим этилган русумларнинг бири бўлмиш икки эшикли шаҳар электромобилининг юкхонасида қўшимча иккита тахланувчи электр скутери бор.

Hanergy концернига оид янгиликларнинг яна бири Foton компанияси билан ҳамкорликда йўловчи автобус ишлаб чиқарилишидир. Автобус, аниқроғи, электробус томидаги қуёш панелларидан зарядланади.

Юқорида айтилган авторусумларни ялпи ишлаб чиқариш 2020 йилга режалаштирилган.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"