Америка кимошди бозорида автомобиллар қандай сотилади?
АҚШда автомобилларнинг кимошди савдосида сотилиши кўп учрайди. Биз шу жараённи бир компания мисолида тушунтириб бермоқчимиз.
Америкада сал кам 50 йилдан бери ишлаб келаётган Manheim компанияси кимошди савдоси асосида машина сотиб келади.
Савдога оддий диллерлар ва автосалонлар ёки барча автоширкатлар ўз машиналарини олиб келади ва қаторга тизиб қўйиб, ким кўп пул берса, ўшанга сотишади.
Manheim компанияси Шимолий Америка бўйлаб 100 га яқин шундай аукционларга эгалик қилади. Улар ҳар бир сотилган машина учун 200-500 доллар атрофида коммиссия олади.
Интернет орқали жонли савдо ҳам бўлади. Мисол учун Канзасда уйда ўтириб, Флоридадаги машинани сотиб олишингиз мумкин. Савдога қўйилган автомобилнинг барча айбу нуқсонлари кўрсатилиши шарт ва ҳатто одометр кўрсаткичларини ўзгартириш жиноят ҳисобланади. Машинанинг заводдан чиққандан бошлаб шу пайтгача қандай таъмир ёки ҳодисаларни бошдан кечирганига оид тўлиқ тарихини махсус сайтдан текширишингиз мумкин. Бир дона машина тарихини олиш учун 30 доллар атрофида ҳақ тўлаш керак.
Тизим мукаммал ишлайди. Машина эгаси уйда ўтириб ҳамма ишни қилиши мумкин. Кўчага чиқмасдан туриб шу кимoшди савдосидан пул қиладиган одамлар бор. Бугун бир аукциондан 10 та машина олиб, эртаси куни уларни бошқа аукционда соттиради ва шу йўл билан мўмайгина даромад қилади.
Қуйида Пенсильвания штатининг Питтсбург шаҳридаги кимошди савдосида олинган суратларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Суратлар Carzone.uz’га тегишли.