Хитойликлар Acura MDX нусхасини яратишди

Хитойликлар Acura MDX нусхасини яратишди

Хитойлик автомобилсозлар бошқанинг интеллектуал мулки саналган маҳсулотни тортиниб ўтирмасдан кўчириш маҳоратларини бу сафар ҳам қойиллатиб намойиш этишди.

Нусха кўчиришни уддалаган фирма номи Jinbei Automotive бўлиб, Brilliance Auto автомобилсозлик холдинги таркибига киради. Бу гал нусха кўчириш учун Acura MDX кроссовери танланди. Унинг клони бўлмиш Jinbei MS3 июль ойида савдога чиқарилиши кутиляпти. Хитойлар автомобиль экстерьер ва интерьерини сал-пал ўзгартириш учун ҳам жой койитиб ўтиришмаган. Агар бироз фарқ бўлганида кўчирмачилик айбловини олиб ташлаш мумкин эди. Бампер, двигатель ва эмблемасидаги сезиларли-сезилмас фарқни айтмаса, икки томчи сувдек ўхшаш.

Acura MDX 3,5 литрли атмосферали V6 моторга эга, қуввати 290 от кучига тенг. Jinbei MSда эса 1,5 литрли тўрт цилиндрли бензинли иккита турбомотор жойлашган (1,5 литрлисининг қуввати 150 от кучига, 1,8 литрлисиники 170 от кучига тенг). Ушбу узун ва оғир кроссоверга бу кичик двигателлар тўғри келмайди, шунга қарамасдан машина таннархини пасайтириш иштиёқи баландлик қилган.

Хитойда Jinbei MS3 100000-140000 минг юан ёки 15200-21300 доллар туради. Асл Acura MDX русуми эса 739000-795000 юан ёки 112400-120900 доллар нархда сотилади. Бошқача айтганда, иккиламчи нусха аслидан олти-етти баравар арзон.

Хитой автомобилсозларининг бу ишига Honda маъмурияти жавоб қайтарармикан? Воқеалар ривожини кутамиз.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"