Автомобиль дунёсини ўзгартирган аёллар

Автомобиль дунёсини ўзгартирган аёллар

Кўпчиликнинг назарида автомобиль – эркаклар иши. Аммо ушбу соҳа тарихи асло ундай эмаслигини кўрсатмоқда. Автомобиллар дунёсини уларсиз тасаввур қилиш қийин. Ҳаттоки, аёлларсиз замонавий автомобиллар ҳам мутлақо бўлмас эди. Мисол учун, айнан нозик жинс вакилларидан бири дунёдаги илк машинани яратиш учун маблағ ажратганидан хабарингиз борми? Қуйида ушбу оламнинг қиёфасига жиддий таъсир кўрсатган аёллар ҳақида сўз боради.

Мерседес Еллинек

Аслида бу қизнинг исми Адриана Мануэла Рамона Еллинек бўлган. Мерседес эса унинг лақаби бўлиб, испан тилида “раҳмдил” маъносини билдиради. Унинг отаси Эмиль Еллинек машҳур австриялик тадбиркор. У ўз вақтида Готлиб Даймлер ва Вильгельм Майбахлар билан танишиб, уларни ўзи фаолият кўрсатаётган Ниццада автомобилларини сотишга ундайди. Автомобилларни сотиш учун махсус сотиб олинган вилла эса Еллинекнинг қизи шарафига “Мерседес” деб номланган эди.

Готлиб Даймлер томонидан асос солинган фирма 1901 йилда 35 hp модели — Mercedes автомобилларини ишлаб чиқаришни бошлади. Кейинчалик, 1926 йилда бу ном савдо белгисига айланди ва янгидан ташкил этилган компания Mercedes-Benz деб номланди. Таъкидлаш жоизки, Мерседес Еллинек оламга машҳур компания номи билангина ўз исмини тарихга муҳрлади холос. Уни исми билан аталувчи автомобиллар қизиқтирмас, умрининг сўнгига қадар Австрияда яшашни давом эттириб, мусиқа ва шахсий ҳаёти билан банд бўлди.

Берта Бенц

Мерседес Еллинексиз унинг исми билан аталувчи автомобиллар буткул бошқача номга эга бўларди. Аммо Берта Бенц бўлмаганида, улар мутлақо яратилмас эди. Айнан унинг капитали эвазига унинг турмуш ўртоғи бўлмиш Карл Бенц бизнеси оёққа турди, айнан унинг маркетологлик қобилияти эвазига Карл Бенц ўз ишланмаларидан воз кечиш фикридан қайтиб, автомобиллар ишлаб чиқарувчи компанияга асос солди. Бунинг учун Берта оиласининг барча бюджетини сарфлашдан ҳам тоймади.

Берта ўша даврда барча немис аёлларига хос тарзда турмуш кечирар, уй юмушлари билан банд бўлиб, беш фарзандни дунёга келтирди. Аммо булар турмуш ўртоғининг бизнеси тақдирига улкан ҳисса қўшишдан қайтармади.

Берта 1888 йилда турмуш ўртоғи яратган, фақатгина устахона ҳудудида ва кўргазма майдонида синовдан ўтган Benz Patent Motorwagen №3 деб номланувчи “ўзи югурар арава”да Магнейм шаҳридан онаси яшайдиган Пфарцхайм шаҳригача бўлган 106 километрлик масофани босиб ўтади.

Фрау Бенц бу билан автоном ҳаракатланувчи техникада илк бор А нуқтадан Б нуқтагача бўлган йўлни босиб ўтиб, ўз даврининг оламшумуш воқеаси қаҳрамонига айланди. Сафар мобайнида баландликларга автомобилни ўзи итариб чиққан аёл турмуш ўртоғига тезлик узатмалар қутисини яратиш таклифини беради ва тез орада ҳайдовчилар икки босқичли трансмиссия имкониятларидан фойдаланишни бошлайди. Шунингдек, мазкур сафар автомобилнинг оламшумул рекламаси вазифасини ҳам бажариб, компанияга мисли кўрилмаган шуҳрат келтирди. Шу билан у турмуш ўртоғининг ишларига бошқа аралашмади ва узоқ умр кўриб, 1944 йилда 95 ёшида вафот этди.

Мэри Андерсон

Бу ном айни пайтда деярли ҳеч кимга маълум эмас. Бироқ ҳар бир ҳайдовчи унинг ихтиросидан фойдаланади. Америкалик Мэри Андерсон ойна тозалагични ихтиро қилиб, ўз кашфиётини 1903 йилда патентлади. Албатта, илк ойна тозалагич қўлда бошқарилган, аммо улар ишлар эди.

Ҳайдовчиларнинг автомобилдан чиқмаган ҳолда ойнани тозалашлари учун ниманидир ихтиро қилиш фикри Мэри Андерсоннинг хаёлига қиш вақтида Алабамадан Нью-Йоркка қилинган сафар чоғида келган эди. Аёл ҳайдовчиларнинг қишнинг совуғи, шамолига қарамасдан очиқ ойна билан ҳаракатланганига эътибор қаратади ва бир йил мобайнида турли чизмалар, конструкциялар устида тажрибалар ўтказиб, ниҳоят ўз мақсадига эришади.

Дарвоқе, автомат ойна тозалагич ҳам аёл киши томонидан кашф этилган. 1917 йилда америкалик Шарлотта Брижвуд электр ойна тозалагични патентлайди. У автомобиль мотори кучи билан ишларди. Бироқ ҳар икки кашфиётчи ҳам ўз ихтиросидан фойда ололмади. Нохолис одамлар бунга йўқ қўйишмади.

Камилла дю Гас

Автомобиллар эрасида пойгачи аёллар ҳам эркаклар билан бир сафда шуҳрат қозонишган. 1901 йилда ўша пайтдаги энг катта мусобақа — Париж-Берлин пойгасида илк пойгачи аёл — Камилла дю Гас ҳам иштирок этди.

Камилла дю Гас финишга 32- бўлиб етиб келди ва профессионал автопойгачи бўла олмади. Тезда хоббисини ўзгартириб, моторли қайиқлар мусобақасида қатнашишни бошлади ва бир марта ғолиб бўлди ҳам. Кейин эса пианино билан шуғулланди.

Ўзининг паст бўйи сабабли ўриндиқ остига ёстиқ қўйиб пойгаларда иштирок этган Элишка Юнкова эса Bugatti Type 30 пойга автомобилида турли мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, олти йил давомида 56 маротаба ғолиб чиқди.

Elishka Yunkova

Айнан у Нюрбургрингдаги Гран-прида ғалаба қозонган илк пойгачи аёлга айланди. Бироқ 1928 йилда турмуш ўртоғи Винценцнинг пойга вақтида ҳалокатга учраб вафот этганидан сўнг ўз карьерасига якун ясайди.

Юта Кляйншмидт

Сўнгги чорак асрда автоспортда тўрт аёлнинг номи энг кўп тилга олинмоқда. Улардан биринчиси — Юта Кляйншмидтдир. 2001 йилда немис матбуоти унинг шуҳрати ҳаттоки Михаэль Шумахердан ўзиб кетганини таъкидлаган эди. Юта Дакар раллисида ғолиб чиққан биринчи аёл пойгачи ҳисобланади.

Yuta

Ралли бўйича жаҳон чемпионатининг бир неча босқичларида ғолиб чиққан ягона аёл спортчи эса Мишель Мутондир. Унинг 1981 йилдаги ғалабасига қадар WRC ва аёллар – бир-бирига мутлақо тескари тушунчалар сифатида қабул қилинарди.

Mishel Muton

Аёллар бугунги кунда ҳам автомобиль саноати ривожига ўзларининг мислсиз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Айнан улар бугунги кундаги қимматбаҳо автомобиллардаги ўриндиқлар, ойналар, руль ва бошқаларни автомат бошқариш тизимини ихтиро қилишган. 2004 йилда яратилган Volvo YCC концепт-кари аёллар жамоаси томонидан ишлаб чиқилган. Улар томонидан машина борт компьютерига техник хизмат кўрсатиш муддатлари ҳақида эслатма бериш вазифаси киритилган.

8 март — баҳор ва нафосат айёми. Carzone.uz нашри барча аёл-муштарийларни бугунги байрам билан муборакбод этади. Байрам шукуҳи, баҳорий кайфият ҳеч қачон қалбингизни тарк этмасин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!