Volkswagen келажак автомобилини намойиш қилди

Volkswagen келажак автомобилини намойиш қилди

Volkswagen келажак микроавтобуси қиёфасини жонлантириш устидаги тажрибаларида давом этмоқда. бу сафар немислар Budd-e номли ажабтовур русумни кўрсатишди.

Техник тарафи хусусида гап кетганда машинанинг платформасига диққат қаратмасликнинг иложи йўқ. Чунки машина асосида MEB номли “ясси аравача” жойлашган бўлиб, у электрокар ва электр тармоғидан зарядланувчи plug-in гибридлар учун махсус ясалган. Бу Volkswagen яқин йиллар ичида мазкур туркумдаги машиналар ишлаб чиқаришни кучайтиришининг аломатидир.

Машинанинг яна бир қизиқарли томони овозли буйруққа бўйсунишидир. Кузатувчиларнинг айтишича, у фақат “мусиқа овозини кўтар”, “ҳароратни ошир” каби буйруқларни эмас, кичик фарқларни ҳам илғайди. Масалан, “овозни сал кўтар”, “бир оз исит” дейишингиз мумкин. У ҳайдовчи ва йўловчилар овозидаги фарқни ҳам сезади ва буйруққа кўра ҳар бир инсоннинг талаби даражасида ўриндиқларни иситиб беради. Ўриндиқнинг ўзи ҳам ғаройиб: ҳайдовчи ёнидаги йўловчи орқадагилар билан юзма-юз суҳбатлашгиси келса олд ўриндиқ 180 градусга бурилади.

Budd-e ўта “ақлли” темир жонзот. Салонда унутиб қолдирган буюмингизни эслатади. Об-ҳаво булутли бўлса, “соябон олиш зарур”лигини уқтиради.

Хўш, бу ақлли машинанинг қуввати қанча? Фольксвагенчилар тўла заряди 533 км йўл босишга етади, деб таъкидламоқда. 80 фоиз зарядни ярим соатда олади. Budd-e токни фақат “олмайди”, “бериши” ҳам мумкин. Масалан, автомобиль аккумулятори ёрдамида ҳайдовчи уйини иситиши ва ёритиши ёки катта мусиқий карнай улаши мумкин.

Carzone.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!

Бакир Назаров

Carzone.Uz сайтининг фаол муаллифларидан. Автомобилни ҳашамат эмас, ҳаракатланиш воситаси деб билади. Йўлдаги шиори: "Юзда юрма, юзга кир"